Россиянинг Владимир области Струнино шаҳрида драматик ҳодиса рўй берди. Гап шундаки, бу ерда бутун бошли бир оила, кўпқаватли уйнинг 4 қаватида юз берган аланга домидан қутилиш учун, пастга сакрашга қарор қилган. Қўшнилар, пастда гилам тортиб туришган, бир неча киши эса, фожеа билан тугаши мумкин бўлган даҳшатли воқеани мобиль телефонига муҳрлашга ҳам улгурган. 

Дастлаб, оила бошлиғи кўкрак сути ёшидаги болани пастга улоқтирган. Сўнгра ундан каттароғи гилам тутиб турганлар томон ташланган. Шундан сўнг, болаларнинг онаси ерга сакраган. Оила бошлиғи сакраш чоғида бироз омадсизликка учраган, у гилам четига тушгани боис, жароҳат олган. Ўт ўчирувчилар эса, жароҳатланган киши шифохонага олиб кетилгач, воқеа жойига етиб келишган. Улар, гувоҳларнинг сўзларидан сўнггина, нима юз берганидан хабардор бўлишган. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, оила бошлиғининг совуққонлигини эътироф этган ҳолда, сакраш фожеа билан тугаши ҳам мумкин бўлганини қайд этган. Чунки, сакраганлар биринчи қават соябонига келиб урилишлари эҳтимоли катта эди. Айни вақтда, улар тўртинчи қаватда содир бўлган ёнғиндан чиқаётган тутундан ҳалок бўлишлари ҳам мумкин эди, дейишган фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили. Маълум бўлишича, ёнғинга қўшни аёлнинг таом тайёрлашда йўл қўйган хатоси сабаб бўлган, деб хабар қилмоқда "Россия 24" телеканали.