Украиналик учувчи Надежда Савченкони олиб Ростов шаҳридан ҳавога кўтарилган самолёт Киев шаҳридаги аэропаортга қўнган. Бу ҳақда учувчини кутиб олиш учун аэропортга чиққан мамлакат президенти Петро Порошенко ўз твиттери орқали маълум қилди.

"Украина Қаҳрамони Надежда Савченкони олиб учган президент самолёти ерга қўнди!", деб ёзган Порошенко.

"Надеждани ватанга қайтгани билан табриклайман", дейди у фейсбукдаги саҳифасида.

Бу вақтда Савченконинг ўрнига Россияга қайтарилган ҳарбий асирлар Александр Александров ва Евгений Ерофеев минган самолёт Москвадаги Внуково аэропортига қўнган.

Нашрларда ёзилишича, бу асирларни алмашиш бўйича келишувга 24 май куни "норманд тўртлиги" вакиллари ўртасидаги телефон мулоқоти чоғида эришилган.