Шри Ланка ҳукумати, орол давлатда ҳукм сурган кучли ёғингарчиликлар поёнига етгач, минглаб бошпанасиз қолган кишиларни жойлаштириш билан банд бўлса, қутқарувчилар ер кўчкиларида қолиб кетганларни қидириш ишларини давом эттирмоқда. 

Мамлакат табиий офатларга қарши кураш марказининг маълумотларига кўра, бир неча кун давомида тўхтовсиз ёққан ёмғирлар оқибатида камида 101 киши ҳаётдан кўз юмган. Қарийб 112 минг киши вақтинчалик бошпаналарда кун кечирмоқда. 

Шри Ланка Қизил Хоч жамиятининг маълум қилишича, иккита ер кўчкисидан 47 кишининг жасади олиб чиқилган, яна 180дан ортиқ инсоннинг тақдири номаълумлигича қоляпти. 

Қутқарувчилар, аҳоли турар жойларига ёпирилган тош аралаш лойқа орасидан ўнлаб одамларни қидирмоқда. Шунга кўра, табиий офат қурбонлари сони ошиши мумкинлиги хабар қилинмоқда. 

CNN метеорология хизматига кўра, Шри Ланка минтақадаги ёмғир мавсуми бошланишидан бир неча ҳафта муқаддам, ёғингарчиликлар билан боғлиқ жиддий синовни бошидан кечирмоқда. 

Ҳиндистон, Австралия, Япония ва Непал каби давлатлар мамлакатга ичимлик суви, сувни тозаловчи таблеткалар ва ёпинчиқлар сингари инсонпарварлик ёрдамларини юборган.