Ўзбекистонда мамлакатнинг энг яхши хакери танланади

Ўзбекистон 25 Май 2016 13016

Ўзбекистонда мамлакат тарихида илк бор киберхавфсизлик бўйича Cyber Security Challenge Uzbekistan очиқ биринчилиги бўлиб ўтади, деб маълум қилишган лойиҳа ташкилотчилари Sputnik агентлигига. 

Унинг саралаш босқичи мамлакатнинг икки минтақаси Бухоро ва Навоий вилоятларида поёнига етган. Эндиликда, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент шаҳрида саралаш босқичлари ўтказилади. Чемпионатнинг финал босқичида иштирок этувчилар номи 10 июлгача аниқланади. 

Мазкур турнир ахборот хавфсизлиги соҳасида энг яхши мутахассисларни аниқлаш мақсадида ташкил этилмоқда. Унда 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган хоҳлаган киши қатнаша олади. Номзодлар,15 июнгача рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади. 

Ташкилотчиларнинг айтишича, турнирнинг соврин жамғармаси 30 млн сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, мусобақа ғолиблари, ўз иқтидорларини намойиш этиш билан бирга, соҳанинг етакчи компаниялари эътиборини ўзларига қаратиш имконига эга бўлишади. 

Хусусан, халқаро антивируслар дастурини ишлаб чиқувчи ESET компанияси ва тармоқ технологиялари ишлаб чиқиш оҳасида фаолият юритувчи трансмиллий CISCO компанияси чемпионатга ҳомийлик қилмоқда. 

Кибербиринчиликнинг энг яхши иштирокчилари, ICTWEEK Uzbekistan-2016 ҳафталиги доирасида бўлиб ўтадиган финал босқичида куч синашадилар.

Куннинг энг асосий ва қизиқ хабарларидан тезкор равишда хабардор бўлиш учун «Kun.uz»нинг Telegram’даги каналига аъзо бўлинг.

Кўпроқ янгиликлар