Японияда иккита қовун 27 минг долларга сотилди

Lifestyle 26 Май 2016 13221

Японияда 26 май куни "юбари" навидаги иккита қовун тарихда мисли кўрилмаган нарх – 3 млн йенга (27 минг доллардан кўпроққа) сотилди. Қовун Хоккайдо оролининг маъмурий маркази – Саппоро шаҳри марказий бозоридаги аукционда сотилди. Аввалги рекорд натижа 2008 йилда ўрнатилган ва 2,8 млн йенни (жорий курс бўйича 22,7 минг доллар) ташкил қилган.

Рекордчи қовунларни Хонсю оролидаги Амагасаки шаҳрида жойлашган супермаркет эгаси сотиб олди. У қовунлар билан аввал ўз дўкони пешойнасини безамоқчи, сўнгра уларни интернет-аукционда сотмоқчи.

Японияда қимматбаҳо навдаги мева ва сабзавотлар савдолари тез-тез ўтказилиб турилади. Ўтган йили Миядзаки префектурасида етиштирилган икки жуфт манго меваси 2,5 минг долларга сотилганди. Бундай катта пулларни одатда ўз дўконларининг салобатли эканини реклама қилиш мақсадида бу мевалар билан уларни безовчи дўкон эгалари тўлайдилар.

"Юбари" навидаги қовунлар думалоқ шаклга эга бўлиб, у нозик таъм ва ўзига хос ширин ҳидга эга оловранг эти сабабли қадрланади.

Қовуннинг ватани Хоккайдо оролидаги Юбари шаҳри бўлиб, у Япониянинг "қовунлар пойтахти" ҳисобланади. Ваҳоланки, бу ерда ярим аср аввал фақатгина кўмир конлари бўлган ва маҳаллий эркакларнинг деярли барчаси шу конларда ишлаган. Тоғ-кон саноати кейинроқ даромадлилигини йўқотиб, конлар ёпилган. Ўшанда Юбари муниципалитети деярли касодга учраган, бироқ ҳудудни сайёҳларни жалб этиш оммавий марказига айлантириб, муаммолар гирдобидан чиқиб кетишга муваффақ бўлган. Бунда маҳаллий қовунлар ҳам ўзига хос ўрин тутган.

Кўпроқ янгиликлар