Франция ҳукумати терроризмга қарши кураш бўйича қонунчилигини мустаҳкамламоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ваколатлари ва шубҳали шахсларни кузатиш ҳамда таъқиб қилишни кенгайтирувчи янги қонун мамлакат парламенти томонидан тасдиқланди. 

Янги қонунчилик талабларига кўра, тергов органлари, жумладан, хусусий уйларда тунгги вақтда ҳам тинтув ўтказиш ҳуқуқига эга бўлишди. Бундан аввал, фақатгина кундузи тинтув олиб боришга рухсат этиларди. Бундан ташқари, электрон таъқиб қилиш учун техник ускуналар харид қилинади, теракт ёки кўролмаслик мазмунида чақириқларни эълон қилган шахслар ва сайтларни кузатиш ишлари кучайтирилади. 

Янги талаблар, 2015 йил 13 ноябри воқеаларидан сўнг жорий қилинган фавқулодда ҳолат тартиби муддати поёнига етгач, кучга киради. У 26 май куни бекор қилиниши тахмин қилинган эди. 

Бироқ ушбу ой бошларида мамлакат ҳукумати футбол бўйича Европа чемпионати ва "Тур де Франс" велепойгасини энг юқори савияда ҳамда хавфсиз ўтишини таъминлаш мақсадида фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддатини узайтиришни таклиф қилган эди. Шундай қилиб, бу тартиб июль ойи охиригача ўз кучида қолади.