"Газпром" 2015 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистондан олинадиган газ нархини пасайтиришни келишиб олган, дейилмоқда компания ҳужжатларида. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.

"Ўзбекистон ва Қозоғистондан олинадиган газ нархини пасайтиришга келишиб олинди", дейилмоқда ҳужжатда.

"Газпром"нинг таъкидлашича, 2015 йилда Туркманистондан газ сотиб олиш ҳажми анча қисқартирилган. 

Компания раҳбари ўринбосари Александр Медведевнинг январда маълум қилганидек, "Газпром"нинг "Туркмангаз" билан шартномаси Туркманистон томонидан газ нархи билан боғлиқ конструктив позиция намоён қилинмагани сабабли бекор қилинган. Медведевнинг таъкидлашича, "Газпром" Туркманистон томонидан ўзаро манфаатли ечимни топишга истак йўқлиги сабабли ҳакамлик судига даъво аризаси топширган.

Компаниядаги манбанинг ТАСС ахборот агентлигига аввалроқ маълум қилишича, "Газпром экспорт" "Туркмангаз"ни жорий йилнинг 1 январидан туркман газини сотиб олишни тўхтатиши ҳақида хабардор қилган. Шу билан бир вақтда компания 2016 йил 1 январдан Ўзбекистондан табиий газ сотиб олиш ҳажмини оширди. Ўзбек газини сотиб олишни кўпайтириш бўйича келишувга ўтган йилнинг декабрида эришилган.  

Агентлик манбаси маълумотларига кўра, 2016 йилда сотиб олинадиган ўзбек гази ҳажми 3,1 млрд куб метрдан ошиши мумкин. 2015 йилда шунча ҳажмдаги газ Туркманистондан сотиб олинган.