“Халфа қўшиқлари” ижрочиларининг биринчи Республика кўрик-танлови ўтказилади

Маданият 26 Май 2016 4309

 “Халфачилик: анъана ва замонавийлик жиҳатлари” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани ҳамда “Халфа қўшиқлари” ижрочиларининг биринчи Республика кўрик-танлови 2016 йилнинг 3 июнь куни Хоразм вилояти Хива шаҳрида Ичан қалъа мажмуасида бўлиб ўтади. Бу ҳақда танлов ташкилотчиси Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази матбуот хизмати хабар бермоқда.

 Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш, 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрь “2010–2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 222-сон қарорининг ижросини таъминлаш, халфачилик санъатини илмий ўрганиш ва уни ривожлантириш, халқ ижодиётида қайнар булоқ бўлган фольклор қўшиқчилигининг зилол янглиғ сарчашмаларидан бири ҳисобланган халфачилик санъатини келажак авлодга асл ижрочилик анъанасини йўқотмаган ҳолда етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар республика илмий-методика маркази томонидан зарур қўлланмалар яратиш, ўқув семинарлари, анжуманлар ва бошқа тадбирлар ташкил этиш, Наврўз байрамлари учун ҳам халфаларнинг алоҳида дастурларини тайёрлаш, бу сержило санъатдан халқимизни янада кўпроқ баҳраманд этишдан иборат.

 Кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар республика илмий-методика маркази ташаббуси билан “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Хоразм вилотяи ҳокимяти ҳамда Маданият ва спорт ишлари бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

  Илмий-амалий анжуман ишида республикамизнинг етук олимлари ва соҳага доир илмий-тадқиқот ишлари олиб бораётган мутахассислар иштирок этади.

Кўпроқ янгиликлар