АҚШ президенти Барак Обаманинг 27 май куни Хиросимадаги атом бомбаси қурбонлари учун ўрнатилган ёдгорлик пойига гул қўйиш маросимида, ядро ҳужумидан омон қолган 4 нафар япониялик ҳам қатнашади, деб хабар қилмоқда Kyodo агентлиги. 

Қайд этилишича, Барак Обама иккинчи жаҳон уруши даврида атом бомбаси ташланган Япония шаҳрига ташриф буюраётган биринчи Америка президенти сифатида тарихда қолади. 

Хабарларга қараганда, Обама тўпланганлар олдида қисқа маъруза қилади, шундан сўнг, унинг атом ҳужумларидан омон қолган японлар билан учрашишига имкони бўлади. 

Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарлари 1945 йил августида АҚШ томонидан бомбардимон қилинган, шундан сўнг Япония таслим бўлишга мажбур бўлган эди. Икки шаҳарга уюштирилган даҳшатли ҳужум оқибатида 210 минг киши қурбон бўлган эди.