Жорий йилнинг апрель ойида Россия пойтахти автомобиль бозорида етакчи ўзгарди, деб хабар қилмоқда «Автостат» таҳлилий агентлиги тадқиқот натижаларига таянган ҳолда. 

Экспертларнинг маълумотларига биноан, Kia Rio ўтган ойда энг кўп сотилган енгил автомобиль унвонига эга бўлган. У апрель ойида 1150 нафар мижознинг эътиборини қозонган. Бу 2015 йил апрели кўрсаткичидан 47,6 фоизга кўп демакдир. 

Бу борада аввалги етакчи Hyundai Solaris 1095 дона сотилиши билан иккинчи ўринга тушган. (–17,8 фоиз). Рейтингда шарафли учинчи ўринни Skoda Octavia 637 дона машина (+16,5 фоиз) билан эгаллаган. Ундан сўнг, Volkswagen Polo (581 дона; +8,4 фоиз) ва Kia Cee'd (553 дона; +36,2 фоиз) моделлари москвалик автоишқибозларнинг ишончига сазовор бўла олган.
 
Москва автомобиль бозори ўнлигига, шунингдек, Renault Duster (494 дона; –3 фоиз), Skoda Rapid (486 дона; +6,4 фоиз), Toyota Camry (485 дона; +6,4 фоиз), Nissan X-Trail (472 дона; +15,7 фоиз) ва Toyota RAV4 (405 дона; +27,4 фоиз) ҳам  кирган.

Қайд этилишича, Россия пойтахти автобозори ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,7 фоизга пасайиб, 2016 йил апрель ойида қарийб 19 минг дона автомобиль харид қилинган.