Москва оператив ходимлари, Россияга яқин хориждан кириб келган муҳожирларнинг оммавий тўпланиш жойларини аниқламоқда. «Росбалт»нинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таянган ҳолда хабар қилишича, минглаб муҳожирларнинг норозилиги туфайли тартибсизликлар келиб чиқиши мумкин

Манбанинг сўзларига кўра, Хован қабристонидаги оммавий тўполонлардан сўнг, этник жиноятлар билан шуғулланувчи оператив ходимлар раҳбарият тана дашномига қолган. Эндиликда, улар Ўрта Осиё мамлакатларидан келган муҳожирлар кўплаб тўпланувчи ҳар қандай иншоотни жиддий назорат остига олиш бўйича кўрсатмага эга. 

Полиция маълумотларига кўра, Москва айланма йўли (МКАД) ва Люблинодаги бир қатор бозорлардаги вазият анча қалтис. 

Зиддиятлар сабаби эса, ҳамон ўша-ўша, муҳожирлар ўз даромадларининг сезиларли қисмини "маҳаллий тўпловчи"ларга беришдан норози, деб ёзмоқда газета. 

Манбанинг айтишича, гап айни вақтда юзлаб эмас, балки "исталган вақтда арматура ва таёқларни қўлга олишга шай турган" минглаб муҳожирлар ҳақида бормоқда. 

Аввал хабар берганимиздек, 14 май куни Москванинг Хован қабристонида муҳожирлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ўртасида рўй берган ур-тўполонда  отишма ҳам рўй берган, бунинг оқибатида 3 киши ҳалок бўлганди. 29 киши шифохонага ётқизилган, уларнинг 4 нафарининг аҳволи оғирлиги айтилганди.