Вьетнам ҳукумати, АҚШнинг F-16 русумли қирувчи-бомбардимончи ҳамда P-3C Orion денгиз разведкаси самолётларини харид қилишдан манфаатдордир. Бу ҳақда 25 май куни Defense News сайти АҚШ ҳарбий саноатидаги манбасига таянган ҳолда хабар қилган. 

Манбанинг сўзларига кўра, гап Пентагон томонидан ортиқча деб топилган ва фойдаланилган F-16 қирувчиси, таъмирланган P-3C Orion самолёти ва уларнинг торпедолари ҳақида бормоқда. 

Бундан ташқари, Вьетнам АҚШдан денгиз устида кузатув ва разведка парвозларини амалга ошириш учун учувчисиз парвоз қиладиган аппаратларни ҳам сўраши мумкинлиги ҳабар қилинмоқда. 

Defense News ҳафталиги, шунингдек, Австралия мудофаа кучлари академияси профессори Карл Тейернинг сўзларини ҳам келтирган. Унинг тахминларига кўра, одатда Россия ҳарбий техникаларини харид қилувчи расмий Ханой, АҚШнинг қиммат ҳарбий ускуналарини харид қилмаслиги аниқ. 

"Вьетнамнинг бунинг учун маблағи етарли эмас", - деган фикрни билдирган ҳарбий эксперт.

Ушбу ҳафтада, АҚШ маъмурияти Вьетнамга қурол-яроғлар сотишга жорий қилган кўпйиллик тақиқини бекор қилган эди. Расмий Вашингтоннинг  қарори ҳақида, АҚШ президенти Барак Обама Вьетнамга уюштирган сафари чоғида маълум қилганди.