Россиянинг Волгоград вилоят прокуратураси ЙПХ ходимлари томонидан томонидан маст ҳолатда автоулов бошқарганликда айбланган ҳайдовчининг автомобиль бошқариш ҳуқуқини қайта тиклаб берди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида маълум қилинган.

Манба келтирган маълумотларга кўра, Волгоград вилоятининг Краснооктябрьск туманида яшовчи фуқаро прокуратурага полиция ходимлари устидан арз қилиб келган. Арз қилувчи эркакнинг кўрсатма беришича, уни маст ҳолатда автоулов бошқарганликда айблашган ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этмоқчи бўлишган.

Прокуратура ходимларининг аниқлашича, жабрланувчи уйда ўтирган пайт, унинг машинасига бошқа бир машина зиён етказади. Буни ўз уйидан кузатиб турган уй эгаси полиция ходимларини чақиради. Воқеа жойига етиб келган полиция ундан машинасини кенгроқ жойга олиб ўтишини сўрайди. У машинага ўтиришдан олдин кеча озгина спиртли ичимлик ичганлигини айтади.

Шундан кейин полиция ходимлари уни спиртли ичимлик ичган ҳолатда автоулов бошқарганликда айблаб, машинасини жарима майдонига олиб кетишади.

Вилоят прокуратураси олиб борган суриштирув натижасида жабрланувчининг ҳуқуқлари қайта тикланди ва унга нисбатан очилган иш тўхтатилди.