Рамазондан олдин қилинадиган амаллар

Lifestyle 26 Май 2016 41673

Ҳар йил муборак Рамазон ойи яқинлашганда унга ўзгача тайёргарлик кўрамиз. Сабаби бу ойни янада файзли, шукуҳли ўтказиш учун Рамазонга том маънода тайёргарлик кўриш талаб этилади. Зеро бу ой бошқалари каби оддий ўтиб кетмаслиги керак. Шу маънода қуйида Рамазондан олдин қилинадиган амаллар ҳақида қисқа суратда тўхталиб ўтамиз. Булар Рамазонга тайёргарликнинг бир қисми саналади.   
 
Қариндош-уруғ ва бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш.
 
Бу ишни йил бўйи қилиш керак. Аммо силаи раҳм ва меҳр-муравват кўрсатишга Рамазондан олдин алоҳида эътибор билан ёндашиш янада мақсадга мувофиқ. Бунда фақат моддий жиҳат асосий ўринда бўлмайди. Балки имконини топганлар моддий тарафдан, бошқалар яхши муомала, очиқ чеҳра ва табассум, икки оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам одамлар қалбига хурсандчилик киритишлари, бева-бечоралар кўнглини тоғдек кўтаришлари мумкин. Бу ой бошланишидан аввал имкони борлар қийналган, қаровчисини йўқотган мискин ва бечораларга моддий тарафдан ёрдам берсалар, уларнинг дуоси шарофатидан дунё ва охират ишларига барака киради. Кўпчилик Рамазонда ифторлик қилиб кимўзарга ўйнайди. Аслида ифторликнинг энг яхшиси ҳақдорларга таом бериш ва уларни либос билан таъминлашдир. Мана шуниси Аллоҳ даргоҳида ҳусни мақбул бўлади.
 
Гина-кудуратларга барҳам бериш.
 
Рамазон кишилар ўртасидаги адоват, жанжал, аразлашиш, гина-кудуратларга барҳам бериш ойидир. Сабаби дўсту ёр, ака-ука, опа-сингил, қайнона-келин ўртасида низо бўла туриб, тутилган рўзалар, қилинган хатми Қуръон ва бошқа савобли ишлар мукаммал бўлмайди. Балки ҳамма ишни орани ислоҳ қилишдан бошлаш керак. Бунда бир тараф иккинчи тарафдан ўзини паст олиб, айби бўлмаса ҳам ислоҳ таклифи билан чиқса жуда яхши бўлади. Ўзи биров билан урушмаган тақдирда ҳам қайси бир банда аразлашганлар орасини ислоҳ қилса, катта ажр ва мартабаларга эришади.
 
Бўйнидаги қарзларни тўлаш.
 
Рамазондан аввал олинган қарзларни узиш ҳам яхши иш. Албатта агар имконингиз бўлса, кечиктирмай дарров олинган қарзни қайтаринг. Шунда қарз берган одам ҳам хурсанд бўлади, қалбингизга хотиржамлик киради. Агар имконингиз бўла туриб, қарзни чўзиб юрсангиз катта гуноҳга қоласиз, қарз берган одамга зулм қилган, унинг ҳаққини еб юрган бўласиз. 
Шу ўринда иморат қурган, бирон қурилиш қилаётган кишилар усталар ҳаққини беришни унутган ёки пайсалга солиб юрган бўлсалар, уста ҳақини беришлари лозимлигини ҳам алоҳида эслатиб ўтамиз. Хизмат қилган одам ҳақини бермай чўзиб юриш мусулмон одамга тўғри келмайдиган ишдир. Зеро, ҳадиси шарифларда тўлашга имкони бор бўла туриб қарзини пайсалга солиб юриш зулм эканлиги таъкидланади. 
Қарз масаласи очилганида беихтиёр одамларнинг давлатдан қарздорлиги ёдга келади. Давлат бизга сув, газ, электр энергияси каби ҳаётий муҳим нарсаларни етказиб беради. Бунинг учун улар ҳаққини тўлаб қўйиш ҳам керак. Тўғри бу неъматларнинг яратувчиси Аллоҳ. Бунга шак-шубҳа йўқ. Аммо оддий одам давлат ёрдамисиз ердан газ қазиб ололмайди, сувга тўғон ўрнатиб, ўз хоҳишича энергия чиқара олмайди ёки тоғдан келаётган сувни тозалаб, ўз уйигача олиб келолмайди. Бу давлатнинг иши. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун сарф-харажат қилиш, ишчиларга ойлик бериш керак. Биз тўлайдиган пуллар мана шундай ҳаражатларга кетади. Хуллас, Рамазондан олдин давлат олдидаги қарзларимизни ҳам тўлаб қўйишимиз лозим.
 
Маҳаллалар покизалигига эътибор бериш.
 
Маҳаллалар, кўча-кўй ва уйларимиз ободлиги, покизалиги билан Рамазоннинг файзига файз қўшилади. Сабаби поклик имондандир. Бу ишни Рамазондан бошқа вақтларда ҳам қилиш керак. Аммо Рамазон ойи киришидан аввал тозаликка, покликка яна ҳам эътиборлироқ бўлиш талаб этилади. Авваллари момоларимиз Рамазондан олдин уй кўтарар қилишарди. Мана шу эзгу амални давом эттириш биз авлодлар бурчидир. Бунда эркаклар бош-қош бўлиб, аёллар билан ҳамкорликда, аҳилликда иш олиб борсалар мақсадга мувофиқ бўлади. Поклик деганда фақат уйлар поклиги эмас, балки либос, қолаверса қалб поклиги ҳам назарда тутилади. 
Юқорида санаб ўтилган ишларни Рамазондан олдин қилиш яхши. Тўғри бу ишларни қилмасдан ҳам Рамазонни ўтказиш мумкин. Аммо кўнгилдагидек эмас. Мусулмон банда йилда бир марта келадиган Рамазон ойини ўзгача тайёргарлик ва кўтаринкилик билан ўтказади. Мана шу нарса унинг имони қай даражада қувватли эканидан дарак беради. 
 
Одилхон қори Юнусхон ўғли 

Манба: Muxlis.uz

Кун янгиликлари
Давлат тест маркази раҳбари ўзгарди
14:00 / 29.05.2017 33104 Ўзбекистон
Наманганнинг бир кўчаси: ҳужжатсиз уйлар ва рўйхатда йўқ одамлар
13:58 / 29.05.2017 23268 Жамият
Комилов Ўзбекистонга хориж сармоялари киришига халал бераётган асосий тўсиқларни санади
11:51 / 29.05.2017 45069 Ўзбекистон
TPS’дан “Қўшилинг” янги тариф режаларида интернетга соат 00:00 дан 09:00 гача чекловсиз кириш мумкин
09:57 / 29.05.2017 13638 Технология
Ўзбекистонда Миллий медиа кенгаш ташкил этилди
2025 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши 19,7 фоизга етказилади
Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш Дастури қабул қилинди
Шавкат Мирзиёев Миср президенти ва халқига ҳамдардлик билдирди
Украинада тинчлик жараёнини тиклаш борасида Трамп маъмуриятининг режалари
00:07 896 Жаҳон
Электр энергияси ва газ тармоғидан қарздорлик туфайли узилган истеъмолчилар қайта уланиш учун ҳақ тўлашади
Кўпроқ янгиликлар