«Россия 1» канали янгиликлари вақтида Ўзбекистон ва Тожикистон сўзлари алмаштириб юборилди. Бу хато 25 май куни ижтимойи тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мамлакатлар номи адаштириб юборилгани кўрсатилган видео интернетга жойлаштирилган.

Маълум бўлишича, «Россия 1» телеканалининг 25 май куни, кундузги эфири вақтида (маҳаллий вақт билан соат 11:00) Тошкентда ўтказилган ШТҲ ТИВ раҳбарлари кенгаши саммити ёритилган. Видеода Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров телеканал мухбирига бўлиб ўтган учрашув ҳақида интервью беради, бу вақтда эфирда саммит бўлиб ўтаётган жой сифатида Ўзбекистон эмас, Тожикистон кўрсатилади.

Қайд этиш керакки, бу россиялик тележурналистларнинг Ўзбекистонга нисбатан бундай муносабат кўрсатиши бўйича илк ҳодиса эмас. 2014 йили 7-23 февраль кунларида Сочида бўлиб ўтган Қишки олимпиада ўйинлари бошланиши арафасида «Россия 2» телеканали телебошловчиси Дмитрий Губерниев ўзбекистонликлар терма жамоаси пайдо бўлганида уларни Тожикистон терма жамоаси дея таништирганди. Кўп ўтмасдан у бу хатоси учун расман узр сўраган.

«Россия 2» телеканалининг 2015 йили июлида намойиш этилган спорт дастурида эса Ўзбекистон номида халқаро турнирларда иштирок этадиган теннисчи Денис Истомин Қозоғистон вакили сифатида таништирилганди.