Швйецариянинг Базель-Ланд кантонида мусулмон мактаб ўқувчиларига ўз устозлари билан қўл узатиб сўрашиш мажбуриятини қўйишди. Бу ҳақида The Local нашри хабар берди.

Мажбурият бажарилмаган тақдирда мактаб ўқувчиларининг ота-оналари 5 минг франк миқдорида жарима тўлашади. 

Икки ой аввал мактаб ўқувчилари устози бегона аёл киши бўлганлиги учун у билан сўрашишдан бош тортишган ва оила аъзоси бўлмаган киши билан кўришиш уларнинг динига тўғри келмаслигини айтишган. Мазкур воқеадан сўнг мактаб низомига ўзгартириш киритилган. 

Бу воқеа жамият ўртасида норозиликларни келтириб чиқарди, чунки Швейцарияда болаларни ёшлик чоғиданоқ ҳурмат белгиси сифатида қўл узатиб сўрашишга ўргатишади. Мактаб ўқувчиларнинг ҳатти-ҳаракати жинсий камситиш ва мамлакат маданиятини ҳақорат этиш сифатида тушунилди. 

Таълим ва маданият бўлимининг расмий эълонида айтилишича, жамиятда жинсий тенгликка қизиқиш ва хорижликларни интеграция қилиш масалалари ўқувчиларнинг диний эркинлигидан муҳимроқ ҳисобланади.