UZ24 сайти таҳририятига Украинадаги Казатин шаҳри тарих музейи директори номидан хат келди.

Унда айтилишича, музей ходимлари 1941-1945 йиллардаги урушда ҳалок бўлган ўзбекистонлик аскарнинг жасади қолдиқларини топишган. Ўзбекистонлик аскар 1943-1944 йилларда Украинанинг Винница вилоятини фашистлардан озод қилиш учун олиб борилган жанглар вақтида ҳалок бўлган.

Музей директори Лилии Макаревичнинг сўзларига кўра, у 1921 ёки 1922 йилда Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган, исми Мусо ёки Мусолло Қўзиев бўлган. Аскар ҳалок бўлган жойдан топилган унинг ҳужжатларидаги исм-фамилияни аниқ ўқишнинг иложи бўлмаган.

Аскар тахминан 1940 йилларда фронтга чақирилган.

Музей директори аскарнинг дафн этилган жойи ҳақида хабар бериш учун унинг яқинларини излаб топишга ёрдам беришни сўради.

UZ24 вакили Тошкент шаҳридаги Хотира майдонига бориб, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар рўйхатидан аскарнинг исм-фамилиясига мос келадиган номларни қидириб топган.