“Универсиада – 2016” мусобақаларининг финал босқичи иштирокчилари Фарғона шаҳридаги халқаро аэропортда тантанали кутиб олинди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

 “Универсиада – 2016” спорт ўйинларида талаба-ёшлар 15 спорт тури – баскетбол, бокс, волейбол, гандбол, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, футбол, шахмат, эркин ва юнон-рум кураши бўйича баҳслашади. 

– Универсиаданинг таэквондо бўйича ўтказиладиган беллашувларида қатнашаман, – дейди Бухоро давлат университети талабаси Фарангиз Исмоилова. – Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари, жумладан, таэквондонинг уч босқичли узлуксиз спорт тизимига киритилиши биз, ёш спортчиларнинг халқаро майдондаги нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишимизга катта замин яратади. 

– Талаба-ёшларнинг спорт байрами арафасида Фарғона шаҳри гўзал қиёфа касб этди, – дейди Фарғона политехника институти талабаси Ситора Қўзиева. – Институтимизда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Янги спорт зали қурилди. Бундай кенг имкониятлар биз, ёшларни янги марралар сари руҳлантиради. Мусобақа иштирокчилари – юртимизнинг турли ҳудудларидан келган тенгдошларимга ҳавасим келди. Уларга “Фарғонага хуш келибсиз!” деймиз.