Ўзбекистонда 26 май куни «Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор» шиори остида республика “Китоб байрами” бошланди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан қатор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбир Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар марказларида бўлиб ўтмоқда.

Тошкент шаҳрининг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори О.Юнусов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С.Отамуродов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон халқ шоирлари С.Саййид, М.Тойир, Ўзбекистон халқ артисти Э.Комилов ва бошқалар иштирок этди.

Тадбир доирасида боғ саҳнасида таниқли санъаткорлар, ёш ижрочилар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди. “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Республика ёш томошабинлар, Қўғирчоқ театрлари жамоалари ўз дастурларини тақдим этмоқда.   

Ёш рассомларнинг китоб графикаси ва миниатюра жанридаги асарлари кўргазмаси намойиш этилди. Ёш ижодкорлар мушоираси, ўқувчилар ва талабаларнинг саҳна кўринишлари барчага манзур бўлди. Китоб савдо-ярмаркаси йўлга қўйилди. 

Тадбир доирасида «Китоб – миллатнинг бебаҳо маънавий ва маданий мероси» мавзуида илмий-амалий анжуман ташкил этилади. «Йилнинг энг яхши китоби», «Намунавий китоб дўкони» республика кўрик-танловлари натижалари эълон қилинади.