Андижон вилояти прокуратура ходимлари томонидан Ўзбекистон ҳудудига Туркиядан сохта долларларни олиб кириш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда "Новости Узбекистана" портали хабар тарқатган.

Ўтказилган суриштирув тадбирлари давомида аниқланишича, ҳозирда Туркияда яшаб келаётган Ўзбекистон фуқароси Унсин Раҳимова курьер (ташувчи) орқали Наманган вилоятида яшовчи ака-укаларига сохта долларларни юбориш билан шуғулланиб келган.

У шу вақтгача Ўзбекистонга жами 80 минг доллар миқдоридаги сохта маблағларни жўнатишга улгурган ва унинг шериклари сохта валюталарни маҳаллий бозорларда кичик партияларга бўлиб асл долларларга алмаштирган.

Жиноий гуруҳ аъзоларидан бири Андижон вилояти ҳудудида милиция ходимлари томонидан қўлга олингач бу тизим фаолиятига чек қўйилди. Тез орада жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам ҳибсга олинди. Жиноятчиларнинг барчасига турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.