Жанубий Каролина губернатори Никки Ҳейли 25 май куни аёлларга ҳомиладорликнинг 20-ҳафтасидан бошлаб аборт қилдиришни тақиқловчи қонун лойиҳасини имзолади. Бу ҳақида CNN компаниясига губернаторнинг матбуот котиби Чейни Адамс маълум қилди.

У ҳужжатда битта истисно борлигига ойдинлик киритди. Фақатгина аёлнинг ҳаёти жиддий хавф остида бўлсагина 20-ҳафтадан кейин абортга рухсат берилади. Қонунда зўравонлик ишлатиш ёки инцест ҳолатларига нисбатан имтиёзлар йўқ. 

Бир неча кун аввал Оклаҳома губернатори Мэри Фолин ўз штатида абортни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этди. У мазкур ҳужжатни "ҳаддан ташқари тушунарсиз" деб топиб, фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларига доир "даъво аризаларига дош беролмаслигини" таъкидлади. Рад этилган қонун лойиҳаси аборт ўтказилган тақдирда уч йилгача муддатга жиноий жавобгарликка тортилишини кўзда тутади. Доялар "она ҳаётини сақлаб қоладиган" ҳолатлар бундан мустасно. 

Бундай қонун Жанубий Каролинадан ташқари мамлакатнинг яна 12 штатида жорий қилинган.