Ғарб давлатлари етакчилари Россия президенти Владимир Путин билан муносабатларда парадоксга дуч келишмоқда - Путин улар билан зиддиятларини қанчалик кучайтирса, у рус халқига шу қадар кўпроқ ёқиб бормоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар ёзган.

Агентлик маълумотига кўра, бунга эришиш учун мухолифат билан муносабатларда тегишли чоралар кўрилган ҳамда телевидение орқали миллатни ташқи душманлардан ҳимоя қилувчи "яхши ҳукмдор" қиёфаси яратилган.

Шу билан биргаликда, айни вақтда Россия кейинги 2та ўн йилликдаги энг инқирозли даврни бошдан кечирмоқда ва Путиннинг рейтинги нисбатан тушмоқда. Жорий ойда унинг рейтинги 80 фоизни кўрсатди.

"Лекин бу Ғарб давлатлари етакчилари фақат тушида кўриши мумкин бўлган кўрсаткич ҳисобланади", дейилади хабарда.

Путинни ёқтирмайдиган россияликлар ҳам унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган муносиб номзодни кўришмаётгани боис, унинг кучишлатар тизимини ёқлашни афзал билишмоқда.

Йил бошида "Левада-центр" ўтказган сўров натижалари Путиннинг рейтингида пасайиш бошланганини кўрсатганди.

Апрель ойида Путиннинг ишини 82 фоиз россияликлар қўллаб-қувватлаган, норозилар эса 17 фоизни ташкил этган эди. Шу билан бирга, президентни маъқуллаш рейтинги йил бошидан буён ўзгармаган: мартда ва январда Путиннинг фаолиятидан сўров иштирокчиларининг 82 фоизи, февралда эса 81 фоизи мамнун бўлган.

Дмитрий Медведевнинг Россия бош вазири лавозимидаги ишини аҳолининг 54 фоизи маъқуллайди, 45 фоизи — аксинча.

Бундан ташқари, сўров иштирокчиларига улар энг кўп ишонадиган сиёсатчи ва жамоатчилик арбобларини санаб ўтишни таклиф қилишди. Бунда биринчи ўринни Путин (сўралганларнинг 53 фоизи уни айтган), иккинчи ўринни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу (26 фоиз), кейинги поғонани эса ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (20 фоиз) эгаллади.