Facebook ва Microsoft компаниялари ўзаро ҳамкорликда ғайритабиий лойиҳага қўл уришди. Улар Атлантика океанидан узунлиги 6,6 минг км. бўлган интернет-кабель ётқизишни режалаштиришяпти. Бу ҳақда CNN телекомпанияси хабар берган.

Маълумотларга кўра, кабель Виржиния қирғоқларидан бошланиб, Испанияга қадар давом этади ва “сониясига 160 терабайт” тезликда ишлайди. Шу маънода мазкур кабель амалдагисига қараганда юқори қувватда ишлайди.

Дастлабки маълумотларга кўра, лойиҳани амалга ошириш жорий йилнинг август ойидан бошланади ва бир йил давом этади. Facebook ва Microsoft’нинг бу ишдаги ҳамкорлари Испаниянинг йирик телекоммуникация компанияси бўлмиш Telefonica ҳамда Telxius ҳисобланади.