Малайзия ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари аэропортлардаги иммиграцион назорат тизимини атайин бузганликда гумон қилинаётган 100дан ортиқ чегара хизмати ходимларини қўлга олишди. Бу ҳақида The Straits Times газетаси маълум қилди. 

Мамлакат бош вазири ўринбосари ички ишлар вазири Аҳмад Зоҳид Ҳамидийнинг таъкидланишича, "қўлга олинган давлат хизматчиларини жиноий гуруҳ молиялаштирган".

Унинг сўзларига кўра, уч ойли операция натижасида ушбу банданинг аъзолари ҳам ҳибсга олинган. Шу билан бирга ИИВ раҳбари гумондорларнинг назорат тизими фаолиятига қай тариқа таъсир ўтказганларига аниқлик киритмаган.

Малайзиянинг The Star газетаси маълумотига кўра, гумон қилинаётганларнинг асосий қисми Куала-Лумпур халқаро аэропортида фаолият юритган.