АҚШ президенти Барак Обама Ҳирошимага ташрифи давомида 1945 йилнинг августида Иккинчи жаҳон урушига эртароқ барҳам бериш мақсадида атом бомбаси ташланиши туфайли ҳалок бўлганлар хотираси учун барпо қилинган ёдгорлик хиёбонига ташриф буюрди ва ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди.

Гулчамбарга япон тилида "Бу ердагиларнинг руҳи ором олсин ва биз ортиқ бундай ёвузлик қилмайлик" ёзуви битилганди.

Шундан сўнг, Обама кичик нутқ ирод қилган: "Чақин ёруғи ва оловли девор шаҳарни вайрон қилиши инсоният ўзини йўқ қилишдек даҳшатга эга эканини кўрсатиб қўйганди".

АҚШ раҳбарининг сўзларига кўра, одамлар Ҳирошимага келиб, яқин ўтмишдаги бу воқеани асоратларини кўриб, бу ҳақда обдон ўйлаб кўриши мумкин.

1945 йилнинг 6 августида Американинг B-29 бомбардимончиси Ҳирошимага тўрт тоннали уран бомбасини ташлади, портлашдан шу заҳотиёқ 70 мингдан 100 минггача бўлган киши ҳалок бўлди. Тирик қолганларнинг кўпчилиги кейинчалик нурланиш касаллигидан вафот этди. Атом зарбаси қурбонларининг умумий сони 2015 йил 6 август ҳолатига кўра, 297 684 кишини ташкил қилди.

Шунингдек, Жанубий Корея соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги эълон қилган маълумотларда Ҳирошима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ташланганида Корея Япония мустамлакаси бўлган пайтда мажбурий меҳнат учун бу ерга олиб келинган 40 мингдан ортиқ корейс ҳалок бўлгани, 30 минг нафари радиацион нурланишдан азият чеккани айтилган.