General Motors Uzbekistan қўшма корхонаси 27 май куни кечқурун Тошкентдаги Driver's Village автосалонида янги авлод Chevrolet Nexia автомобили тақдимотини ўтказди. T250 платформаси базасида бунёд этилган В синфига мансуб ихчам седан Ўзбекистонда 1996 йилдан буён сотиб келинаётган (2008 йилда янгиланган Nexia 2 чиқарилди) Nexia ўрнини эгаллайди.

Ишлаб чиқарувчининг тасдиқлашича, Nexia янада қулай, технологик ва хавфсиз бўлган ҳолда ўзининг тежамкорлиги, ишончлилиги ва ҳамёнбоплигини сақлаб қолди. Автомобиль нархи ва савдога чиқиш муддатлари кейинроқ эълон қилинади.

GM Uzbekistan маҳсулотлари сафида 11-ҳисобланган моделни тақдим этар экан, «Ўзавтосаноат» компанияси бошқарув раиси ўринбосари Қобил Азимов автомобилнинг Асакадаги заводда қолиплаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғишни ўз ичига олган янгича технологик циклда ишлаб чиқарилишини таъкидлаб ўтди.

Янги Nexia GM Powertrain-Uzbekistan ҚКда ишлаб чиқарилган 1,5 литр ҳажмли двигатель билан таъминланади, шунингдек, тезлик узатмалар қутисининг икки тури — беш босқичли иеханик ва олти босқичли автомат трансмиссия билан тақдим этилади. Автомобилда 20 дан зиёд миллий етказиб берувчиларнинг эҳтиёт қисмлари қўлланилган.

Машина хорижда Ravon Nexia R3 бренди остида савдога чиқарилади. Анъанавий экспорт бозорлари — Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан ташқари, автомобиль янги бозорлар — Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларида ҳам сотилади, деди Қобил Азимов.

Учинчи авлод Nexia автомобилининг барча позициялари ABS ва ҳайдовчи хавфсизлик ёстиқчаси билан таъминланган. Шунингдек, машинада иммобилайзер, кундузги олд чироқлар (DRL) ва Isofix болалар ўриндиқлари учун мустаҳкамлагичлар мавжуд. Экспорт талқинларида эса «ЭРА-ГЛОНАСС» навигация ва курс барқарорлиги (ESC), ҳайдовчи хавфсизлик ёстиғи билан таъминланган. Энг юқори позицияда эса олд йўловчи учун ҳам хавфсизлик ёстиқчаси мавжуд. Шиналарда босим назорати тизимлари ўрнатилган.

Автомобиль GM Powertrain-Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилган сиғими 1,5 литрга тенг, 16 клапанли 109 от кучига эга бензинли S-TEC III двигатели ва беш босқичли механик ёки олти босқичли автомат тезлик узатмалар қутиси ёрдамида ҳаракатга келади.

Модель 11 рангда ишлаб чиқарилади. Рул чамбараги Lacetti’ники билан бир хил.

Аудиотизимда Bluetooth, AUX, handsfree имкониятлари мавжуд. USB порти тўхташ тормоз дастаси ёнида қулай қилиб жойлаштирилган.