ASUS компанияси 110x83x29 мм ҳажмли металл корпусга эга ZenBeam E1кўчма проектори ишлаб чиқарилиши ҳақида маълум қилди. Проекторда 6000 мАч сиғимли аккумулятор ўрнатилган бўлиб, у 5 соат давомида материалларни тўхтовсиз айлантириб кўрсата олади. Сурат диагонали 120 дюйм (304.8 см)гача етади.

Мобиль ZenBeam E1 150 лм ёрқинлик, 3500:1 DCR контрастлик ва WVGA ўлчамли (854x480 пиксел) проекцияларни амалга оширади. Проекцион масофа 0.5 дан 3.7 метргача фарқ қилади. Унда 2 ваттли стереодинамика, HDMI/ MHL улагичлари, USB Type-A порти ва қулоқчин учун 3.5 миллиметрли жой мавжуд. 

Мазкур проектордан уйда, идорада, анжуманлар вақтида ёки табиат қўйнидаги дам олиш чоғида фойдаланиш мумкин. ASUS ZenBeam E1 ишчи компьютерлар, ноутбуклар, смартфон, планшет, ўйин приставкалари, эшиттириш оқими қурилмалари ва ASUS Chromebit ҳамда ASUS VivoStick каби компьютер-брелоклари билан бирга ишлатилади. Янги қурилма май охирида 316 евро ҳисобида сотувга чиқади.