Соғлиқни сақлаш соҳасидаги 150 нафардан ортиқ экспертлар  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) Зика вируси эпидемияси муносабати билан Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтиши кутилаётган ёзги Олимпиадани бошқа ерга ўтказиш ёки бекор қилишни тавсия қилиб очиқ хат йўллашди.

Расмий мурожаатномада улар Олимпия ўйинларига дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрадиган ярим миллион меҳмоннинг соғлиғини хавф остига қўймасликка чақиришди. Экспертлар вируснинг шу тариқа бутун сайёрага тарқалиши мумкинлигидан чўчишмоқда,айниқса - Осиё ва Африкада. 

Улар Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Зика вируси билан боғлиқ масалалар бўйича йўлланма берувчи мустақил эксперт комиссиясини тузиш зарур деб ҳисоблашмоқда. Хатни 29та мамлакатнинг соғлиқни сақлаш идоралари ва университетларининг 151 нафар мутахассиси имзолади. Ушбу мурожаатнома матни Канада, Америка ҳамда Швейцария олимлари томонидан тузилган.

ЖССТ эса жамоатчилик соғлиғига ҳеч қандай хавф йўқлигини билдириб, бу мурожаатномага ижобий жавоб қайтармади. Олимпиадани кўчириш ёки бекор қилиш қарори Зика вирусининг халқаро миқёсда тарқалишига таъсир қилмайди, чунки Бразилия чивинлар орқали Зика вируси юққанлиги қайд этилган 60та мамлакатдан бири, дейилади ташкилот жавобида. ЖССТ чивин чақишига эътиборли бўлишни ҳамда ҳомиладор аёлларга Ўйинларга келмаслик каби маслаҳатларни беришди. 
Олимпия ўйинлари 5 августдан 21 августга қадар Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтади.