Япониянинг Миэ префектурасидаги Исэ-Сима миллий боғида “Катта еттилик”ка (G7) аъзо мамлакат раҳбарларининг навбатдаги саммити якунланди.

Саммитда Якуний Баённома қабул қилинди. Унда жаҳон иқтисодиётидаги бугунги вазият таҳлил қилинган. Шунингдек, давлат раҳбарлари халқаро майдонда кузатилаётган бир қатор муаммоларга ҳам ўз муносабатларини билдиришди. Анжуман якунида терроризм ва коррупцияга қарши кураш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Киберхавфсизликни таъминлаш, соғлиқни сақлашга аҳамият бериш ва инфратузилмаларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокамалар мавзусига айланди.

Япония бош вазирии Шиндзо Абэ раислигида бўлиб ўтган саммитда АҚШ президенти Барак Обама, Франция президенти Франсуа Олланд, Германия канцлери Ангела Меркель, Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон, Италия хукумати раиси Маттео Ренци ва Канада бош вазири Жастин Трюдо иштирок этди. Шунингдек, Европа кенгаши раиси Дональд Туск ва Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер ҳам саммитда қатнашди.

“Катта етти”лик саммитига Индонезия, Чад, Шри-Ланка президентлари, Бангладеш, Вьетнам, Лаос ва Папуа Янги Гвинея бош вазирлари меҳмон сифатида таклиф қилинди. Саммитда, шунингдек, БМТ Бош котиби Пан Ги Мун, Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристин Лагард, Жаҳон Банки президенти Жим Ен Ким, Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик ташкилоти раҳбари Анхель Гурриа ва Осиё Тараққиёт банки президенти Такэхико Накао ҳам иштирок этди. Улар билан мулоқотлар бугун куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтди. Шундан сўнг Япония бош вазири Шиндзо Абэ якуний матбуот анжумани ўтказди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, саммитнинг якуний баённомаси ташқи ишлар вазирларининг Ҳирошимада бўлиб ўтган учрашувида ишлаб чиқилган ҳужжатга асосланади. Баёномада “Катта еттилик” раҳбарлари Россияга нисбатан жазо чоралари узайтирилиши мумкинлигини таъкидлашар экан, мулоқотлар жараёни давом этиши лозимлигини қайд қилдилар. Саммит иштирокчилари халқаро муаммоларни ҳал қилишга Россияни ҳам жалб қилиш зарурлигини билдиришди. Ҳужжатда Корея ярим оролидаги вазият ҳам ўз аксини топган. Япония томони навигация хавфсизлигини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратди. Баёномада муҳожирлик билан боғлиқ инқирозга ҳам катта ўрин ажратилган. Иштирокчилар муҳожир ва қочқинлар оқими глобал чақириқ эканлигини ва унга қарши кескин чоралар кўрилиши лозимлигини таъкидлашди. Шунингдек, ядровий қуролсизланиш ва БМТни ислоҳ қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган. “Катта еттилик” раҳбарлари БМТ тузилмалари ислоҳ қилиниши муҳимлигини таъкидладилар. Улар шунингдек, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги борасида 23 июнда ўтказиладиган референдумга ҳам фикр билдиришди. Саммит иштирокчилари Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши жаҳон иқтисодиёти ривожига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида таъкидлашди. Яқин Шарқ муаммосини ҳал қилиш масаласида июнь ойида Парижда ўтиши керак бўлган учрашувга юқори баҳо берилди.

“Катта еттилик” раҳбарлари жаҳон иқтисодиётини ривожлантиришга биргаликда ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлаб ўтишди. Бу каби чора-тадбирлар “Исэ-Симе саммити ташаббуси” деб номланди. Томонлар глобал инқирозларни бартараф этишда кенг қамровли иқтисодий ислоҳатлар ўтказилиши кераклигини қайд қилишди. Бундан аввал Япония бош вазири Шиндзо Абэ ўз ҳамкасбларини 2008 йилда бошланган молиявий инқирозлар қамрови яна такрорланишидан огоҳлантирган эди. “Биз янги инқироз хавфи билан тўқнаш келаяпмиз. Ривожланаётган иқтисод осмонида қора булутлар кўринмоқда”, деди бош вазир.

Саммит иштирокчилари молиявий терроризмга қарши кураш лозимлигини ва маданий мерос иншоотлари экстремистлардан муҳофаза қилиниши кераклигини таъкидлашди. Анжуманда терроризмга қарши кураш режаси қабул қилинди. Ҳаракатлар рўйхатини учга бўлиш мумкин. Унда “Катта еттилик” мамлакатларининг тегишли муассасалари ахборотларни алмашишлари лозимлиги таъкидланади. Шунингдек, мамлакатлар чегаралар устидан назорат масаласида ҳамкорликни мустаҳкамлашлари кўрсатиб ўтилган. Қабул қилинган ҳужжатга қўшимча сифатида коррупцияга қарши кураш режаси ҳам бор. Келишилган аҳдлашувларга кўра, томонлар молиявий оқимларнинг шаффофлилигини таъминлашлари ва солиқлардан бўйин товловчиларга қарши аёвсиз кураш олиб боришлари керак.

“Катта еттилик” саммитининг иккинчи иш кунида иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ масала муҳокама қилинди. “Катта еттилик” раҳбарлари Япониянинг Европа Иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорлиги ва эркин савдо ҳудудини яратиш борасидаги масалани тезлаштириш зарурати борасида келишиб олишди. Саммит иштирокчилари квоталар бўйича Халқаро валюта жамғармаси ўтказадиган ислоҳотлар кучга киришини қўллаб-қувватлашди.

Япония бош вазири Шиндзо Абэ “Катта еттилик” саммити иштирокчиларига ўзи бошқариладиган автомобилни намойиш қилди. Айрим раҳбарлар 2020 йилда бўлиб ўтадиган олимпиадада ишлатиладиган автомобилда сайр қилишни афзал кўрди.

Япония оммавий ахборот воситаларида босилган хабарларга кўра саммит хавфсизлигини таъминлашга 100 мингга яқин полиция ходими жалб қилинди. Асосий кучлар Исэ-Симедаги иншоотлар ва қўшни Аити префектурасидаги Тюбу аэропорти хавфсизлигини таъминлашга ташланди. Учрашувлар Касико оролидаги меҳмонхонада бўлиб ўтди.

“Катта еттилик”ка раислик Италияга ўтди. Навбатдаги саммит 2017 йил 26-27 майида Италиянинг Таормине шаҳрида бўлиб ўтади. Бу шаҳар Сицилияда жойлашган. Аввалроқ навбатдаги саммит Флоренцияда ўтиши айтилган эди.

Шарофиддин Тўлаганов