Камчатка аэропортида ит эгасини бир ҳафтадан кутиб, у ердан кетмаяпти. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар берди. Ит эгаси уни олиб кетишга пули етмагани сабабли уни аэропортда қолдириб кетган.  

"Биз бу ит қаердан пайдо бўлганини билмаймиз. У ҳақиқатан ҳам бу ерда бир ҳафтадан бери яшамоқда, вокзалолди майдонида изғиб, келаётган йўловчиларни кутиб олмоқда. Итни  ўз қарамоғига олган волонтёрларнинг айтишича, итни бу ерда эгаси қолдириб кетган. Эркакка уни олиб кетишга пули етмаган ва бундан ташқари, бунинг учун керакли ветеринар ҳужжатлар ҳам тайёр бўлмаган. Итни самолётга қўйишмаган ва унинг эгаси ҳозирда уни кутиб ўтирган итисиз учиб кетган", деб айтди аэропорт вакили.

Аэропортда маълум қилинишича, ит ўзини дўстона ва осойишта тутмоқда. Одамлар унга турли егуликлар беришмоқда.

Ушбу воқеа ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб кетди. Фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларда "Камчатка Хатикоси" деб ном олган итнинг эгаси топилиши умидида бу воқеа билан бўлишишмоқда, бироқ ҳозирча итнинг эгаси жавоб бермаган.

Итни қарамоғига олган "Остров надежды" приютининг волонтёри Марина Николенконинг айтишича Москвадаги приютлардан бири итни ўз қарамоғига олишга тайёрлигини билдирган. "Биз ит эгаси охир-оқибат топилишига умид қилмоқдамиз. Биз барча зарур ҳужжатларни тайёрламоқдамиз ва уни эгасига юборамиз. Асосийси у топилса бўлди", деб айтди Николенко. Унинг айтишича, бундай йирик итни Петропавловск-Камчатскдан Москвага ташиш 10 минг рублга айланади. Барча ёрдам беришни истовчиларга тегишли телефон рақамига қўнғироқ қилиш сўралган.

Хатико лақабли ит Японияда садоқат ва вафодорлик рамзи ҳисобланади. Бу ит 1932 йили Токионинг йирик газеталаридан бири "Қари вафодор ит етти йил аввал оламдан ўтган эгасининг қайтишини пойламоқда" деб номланган мақолани чоп этгандан кейин бутун Японияга машҳур бўлиб кетган. Хатико ўзининг ўлимигача, 9 йил давомида эгасини охирги марта тирик ҳолда кўрган темир йўл станциясига келиб уни пойлаб ўтирган. Японияда ҳаттоки ит ўлган куни мотам эълон қилинган. 1934 йилда Хатикого ёдгорлик ўрнатилган ва итнинг ўзи унинг очилишида иштирок этган. Бу воқеа асосида бир нечта бадиий фильмлар суратга олинган.