Форс кўрфазидаги ҳашаматли уйида тўсатдан электр таъминоти узилиб қолишидан ҳайратланган кувайтлик оила, бунга электр токидан ўлиб қолган йирик илон сабаб бўлганини аниқлашганида, ўзларини янада йўқотиб қўйишди. 

Уйнинг кабеллари ва асосий кабель тарқатувчи блокни кўздан кечирган оила бошлиғи, уйни ташқарисида жойлашган ток қутисини текшириб кўришга қарор қилган. 

“У қутини очганида, ўлиб ётган каттагина илонни кўриб, даҳшатдан ҳангу-манг бўлиб қолди”, деб ёзади Alanba ҳафталиги. 

“Илон, афтидан ҳудуддан ўтаётиб, кутилмаганда қутига кириб қолган. Шундан сўнг, чиқишга уринган илон кабелни тишлаши билан ток уришидан ҳалок бўлган”.

Газетага кўра, кувайтлик эркак фуқаро мудофаасини чақирган ва ўлик илонни уларга топширган.