Лондоннинг "Тоттенхэм" клуби кейинги мавсумдан Чемпионлар Лигасидаги уй ўйинларини "Уэмбли" стадионида ўтказишга келишиб олди.

Ушбу келишув "Тоттенхэм"га 2017/18 йиллардаги мавсумда Англия чемпионати ва миллий кубокдаги уй ўйинларини бу стадионда ўтказиш имкониятини беради.

"Биз бу келишувга эриша олганимиздан хурсандмиз. "Уайт Харт Лейн" стадионининг кейинги мавсумга сиғимдорлиги етмаётгани ва Чемпионлар Лигаси чипта дастурига қўйиладиган талабларни ҳисобга олган ҳолда "Уэмбли"да ўйинларни ўтказиш барча абонемент эгаларимизни сиғдира олишимизни англатади", деб айтди клуб президенти Дэниел Леви.

Аввалроқ "Тоттенхэм" 2017 йилда ўзининг уй майдони – "Уайт Харт Лейн" стадионида ўйнамасликка қарор қилгани маълум бўлганди. Клуб янги стадионга 2018 йилдан кейин кўчиб ўтади, шунинг учун клуб анчадан бери уй ўйинларини вақтинчалик "Уэмбли"да ўтказиш бўйича музокаралар олиб бораётган эди. Шундай музокараларни ўз майдони "Стэмфорд Бриж"ни реконструкция қилишни режалаштираётган Лондоннинг "Челси" клуби ҳам олиб бораётгани маълум қилинганди.

"Уэмбли" стадиони Лондонда эскисининг ўрнига қурилган. Англия терма жамоаси ўз уй ўйинларини ўтказувчи майдон ўз бағрига 90 минг томошабинни сиғдира олади.