Франция ва Германияда якшанба куни Биринчи жаҳон уруши давридаги энг узоқ давом этган ва "Верден қирғини" номи билан тарихга кирган урушга 100 йил тўлгани муносабати билан қирғинларда қурбон бўлганлар хотираси учун маросимлар ўтказилмоқда.

Франция президенти Франсуа Олланд ва Германия канцлери Ангела Меркель биргаликда Верден яқинидаги ҳудудда ўрнатилган обидага келиб, қурбонлар хотираси учун гулчамбар қўйишди.

Тарихчилар шу вақтгача Верден остонасидаги жангларга оид рақамлар бўйича баҳс олиб боришади. Нисбатан ишончлироқ маълумотларга кўра 1916 йилнинг 9 ойи давомида Франция шимоли-шарқида олиб борилган жанглар оқибатида француз ва немис армияси томонидан жами 300 мингга яқин аскар қурбон берилган.

Бир неча фронтда жанг қилган Германия империяси режасига кўра, ғарбий фронт чизиғини ёриб ўтиб, Францияни бутунлай тор-мор этиш ва ғарбий фронтни якунлаш мақсад қилинганди. Шу туфайли катта қурбонлар бериб бўлсада бу жангни ғалаба билан якунлаш режа қилинганди. Бу жанга артиллерия кучларининг катта қисми ташланган.

Германия 21 февраль куни ҳужум бошлаган, аммо немис армиясининг зарбаси Верден остонасида тўхтатилганди. Германияликлар катта куч ташласада, бир неча километргина олға ҳаракатлана олди холос.

1916 йилнинг кузида Германия армияси мудофаага ўта бошлади ва узоқ вақт давом этадиган қамаллардан воз кечилди. 1916 йил декабрида эса Франция армияси февралдаги марраларини қайтариб олди.