Ироқ ҳукумати армияси Фаллужани озод қилиш бўйича кенг кўламли ҳужум давомида Карма шаҳрини ИШИД жангариларидан озод қилди.

ВВС телеканали хабарига кўра, ҳукумат қўшинлари айни вақтда Кармада бўлиб турибди ва Бағдоддан 45 км ғарбдаги Фаллужа шаҳрига зарба беришга тайёргарлик кўрмоқда.

28 май куни жангарилар Фаллужа шимолида автомобиль портлатган ва ҳукумат армиясининг бир неча аскари ҳалок бўлиб, яна бир қанча киши жароҳатланган.

Жангариларнинг жанубдан уюштирган қарши ҳужумлари Ҳарбий ҳаво кучларининг вертолётлари орқали қайтарилган.

Бундан олдинроқ, Фаллужадаги жангариларнинг дала қўмондонларидан бири Моҳир ал-Билавий АҚШ дрони берган зарба оқибатида ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

Маyadin телеканали хабарига кўра, Фаллужага Бағдоддан 5 минг жангчи ташланган. Улар шиа тузилмаларини алмаштирди, бу асосан суннийлардан иборат шаҳарни озод қилиш чоғида мазҳаблараро келишмовчиликлар олдини олиш мақсадида амалга оширилган.

Фаллужада операция бошлангунича шаҳарни тарк этишга улгурмаган 50—90 минг атрофида аҳоли борлиги айтилган.

Маълумот учун, Фаллужа ИШИД томонидан 2014 йилда босиб олинган Ироқдаги илк шаҳар бўлган.