Зимбабведа ҳукуматга қарши минглаб одамлар иштирокида норозилик акциялари бўлиб ўтди. Намойишчилар мамлакатнинг йириклиги бўйича иккинчи шаҳри бўлган Булавайо кўчаларини тўлдиришди. Улар мамлакатни 36 йилдан бери бошқариб келаётган президент Роберт Мугабенинг истеъфога кетишини талаб қилишмоқда.

Норозилар "Сен жуда қарисан, Мугабе, истеъфога кет", "Мугабе сайловлар натижаларини ўзига мослаши мумкин, бироқ иқтисодий ўзгаришларни мослай олмайди" деган плакатлар билан кўчалар бўйлаб юриб ўтишди.

Намойишчилар мамлакат президенти ҳукмрон партия билан "жамодонларини йиғиштирмагунларича" ўз акцияларини давом эттиришларини айтишди.

92 ёшли Роберт Мугабе дунёдаги энг кекса мамлакат етакчиси ҳисобланади. Яқинда у икки йилдан кейин яна 5 йиллик муддатга президентликка номзодини қўймоқчи эканлигини айтганди. Қонун унга 99 ёшигача ҳокимият тепасида қолишга имкон беради.