«Манчестер Юнайтед» 1 йилдан кейин эркин агентга айланиши мумкин бўлган 18 ёшли футболчиси Маркус Рэшфорд билан шартномани узайтирди.

The Telegraph хабарига кўра, манкунианликлар ёш ҳужумчи билан 4 йиллик янги шартнома тузган, унга кўра футболчининг ҳафталик маоши миқдори ҳафтасига 20 минг фунтни ташкил қилади.

Бундан ташқари, келишувда ўйинлар сони миқдори ва улардаги иштирок муваффақияти даражасига қараб бонуслар белгиланади ва шунда футболчининг ҳафталик маоши миқдори ўртача 25 минг фунтга етиши мумкин бўлади.

Daily Mail нашри хабарига кўра, футболчининг «МЮ»даги маоши шу вақтгача ҳафтасига 1,5 минг фунт эди.

«МЮ» Рэшфорд билан янги шартномаси ҳақида Евро-2016 бошлангунига қадар эълон қилиши кутилмоқда, ёш футболчи Англия терма жамоаси сафида шу турнирда иштирок этиш учун тайёрланмоқда.

Рэшфорд якунланган мавсумнинг 11 учрашувида иштирок этиб, 5та гол урди ва 2та самарали тўп узатиши муаллифи бўлди.

«МЮ» яна бир ёш футболчиси, 19 ёшли Кэмерон Бортуик-Жексон билан ҳам шартномани узайтириш арафасида турибди.