Польша жанубида яшин уриши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, яна уч киши жароҳатланди. Бу ҳақда маҳаллий нашр маълумотига таяниб, РИА «Новости» хабар берди.

Маълум қилинишича, момақалдироқлар бошланган пайтда Ғарбий Бескиддаги Бабьей тоғи чўққисидан пастга тушаётган 40 ёшли сайёҳ табиий офат қурбонига айланди. Яна бир кишининг жасади Щиркедан топилган. 

Шунингдек Пенинда, Соколица чўққиси яқинида одамларни чақмоқ урган. У ерда уч киши яшин уриши натижасида жароҳатланди.

Польшада охирги кунларда қайд этилган иссиқ ҳаво кўплаб машҳур тоғ сўқмоқларида сайёҳларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Момақалдироқ улар бошпанадан узоқда бўлганида, кутилмаган пайтда юз берди.

Бундан олдинроқ, Париждаги хиёбонда туғилган кун зиёфати учун йиғилганларга чақмоқ келиб тегиши туфайли 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 9 нафар бола жабрланиб, шифохонага ётқизилгани хабар қилинганди.

Шу куни Германиядаги футбол ўйингоҳларидан бирига болалар жамоаси ўртасидаги учрашув вақтида яшин урилиши оқибатида 30дан ортиқ киши жароҳатланган.