Американинг Сonsumer Reports журнали АҚШда сотиладиган ва 2016 йилнинг энг яхши машиналари деб топилган автомобиллар рўйхатини чоп этди. 

Consumer Reports’нинг йиллик рейтинги нашрнинг ўз қоидаларига асосан тузилади. Машиналар бир неча меъёрлар, хусусан, харидорлар фикрларига асосан танлаб олинади. 

Унга АҚШда сотиладиган транспорт воситалари киритилади. Рўйхатдан ўрин олган машиналар ишончли ҳисобланиб, расмий ва норасмий краш-тестлардан ўтади ҳамда истеъмолчиларнинг ишончига сазовор бўлган ҳисобланади. Аммо журнал обуначилари орасида ўтказилган сўров натижалари рейтинг асосини ташкил этади. 

Шундай қилиб, рўйхатнинг энг арзон машинаси сифатида Honda Fit (19 минг доллар) қайд этилган. У ўрта синфда энг яхшиси, деб топилган. 

Компакт автомобиллар орасида биринчи ўрин Subaru Impreza’га теккан. Ўрта ҳажмли машиналар орасида Toyota Camry етакчилигини сақлаб қолган. У бир неча йиллардан бери Америкада оммабоплигини йўқотгани йўқ. 

Consumer Reports рейтингининг катта ҳажмли седанлар гуруҳида Chevrolet Impala биринчи ўринга муносиб кўрилган. Унинг динамиклиги ва қулайлиги эътироф этилган. 40 минг долларгача бўлган машиналар орасида эса, Mazda MX-5 энг яхши автомобиль деб топилган.

Америкаликлар йўлтанламаслар тоифасида, асосан, Subaru Forester, KIA Sorento, ҳамда Lexus RX ни маъқул кўриши маълум бўлди. Бу рўйхатдаги “Лексус” машинаси Америкадаги энг қиммат автомобиль ҳам ҳисобланиб, 51мингдан-57 минг долларгача туради. KIA эса, рўйхатда номи келган машиналар орасида Жанубий Кореяга тегишли ягона машина маркаси бўла олди. 

Бундан ташқари, унча катта бўлмаган юк машиналари орасида Ford F-150, минивэнлар рўйхатида Toyota Sienna ишончли деб топилган. 

Consumer Reports — журнали 1936 йилдан бери чоп этиладиган ойлик журнал. У, турли маҳсулотлар ва хизматлар юзасидан олиб борилган тадқиқотлар натижасини эълон қилиб боради.