Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш концепцияси асосида ўқувчиларнинг жорий йилги ёзги дам олиш мавсумига ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўрилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

   
Барча турдаги оромгоҳлар махсус тавсиялар, услубий қўлланмалар, болалар учун мўлжалланган фильмлар, қўшиқлар ва шеърлар тўпламидан иборат дисклар, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари учун сценарийлар билан таъминланди. Касаба уюшмалари федерацияси томонидан мавсумга тайёргарлик ишлари мониторингини олиб борувчи Республика штаби фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, барча ишлар мунтазам назорат қилиб борилмоқда.  

Жорий йилда мамлакатимиздаги 1 минг 204 оромгоҳда 292 мингдан ортиқ ўғил-қиз дам олади. Ёз мавсуми давомида барча ҳудудларда интеллектуал ривожлантириш, экологик-биологик, ўлкашунослик, техник ижодкорлик, бадиий ижодиёт, ижтимоий мослашув бўйича  ихтисослаштирилган оромгоҳлар ташкил этилади. Ўсмирлар учун меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари фаолият кўрсатади.

Дам олиш масканларида болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, тиббиёт, энергетика, коммунал соҳа ходимларининг туну кун навбатчилиги ташкил этилади. 

Ўқувчилар саломатлигини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида оромгоҳларда малакали шифокор ва ҳамширалар, санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари тиббий хизмат кўрсатиши белгиланди. Тез тиббий ёрдам машиналари бириктирилиб, ҳар бир оромгоҳни белгиланган миқдорда дори-дармонлар, махсус дори воситалари билан таъминлаш чоралари кўрилди. 

Оромгоҳларга етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, санитария-гигиена талабларига жавоб бериши ҳам қатъий назоратга олинади. Барча оромгоҳлар зарур алоқа ва транспорт воситалари билан таъминланган.
 

Меҳрибонлик уйларининг 2 минг тарбияланувчиси, 50 нафар жисмоний имконияти чекланган бола Касаба уюшмалари федерацияси томонидан бепул дам олдирилади. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларнинг 600 нафар фарзандини бепул соғломлаштириш режалаштирилган.