Францияда Canal+ холдинги асосчиси Андре Руссле вафот этди

Жамият 30 Май 2016 1595

Франциядаги биринчи хусусий Canal+  телевизион холдинги асосчиси Андре Руссле 93 ёшида ҳаётдан кўз юмди.  Бу ҳақида марҳумнинг қариндошлари AFP'га хабар қилишди.

"У 94 ёшида ўз уйида яқинлари даврасида вафот этди. У ёши катталиги боис шунчаки ҳолдан тойган эди", - дея маълум қилди Андре Руссленинг ўғилларидан бири Филипп Руссле. 

Андре Руссле 1922 йилда Франция шарқидаги Нанси шаҳрида таваллуд топган. Олий маълумот олиб улгурмай уруш йилларида у Германиядаги мажбурий ишларни бажарган. Руссле Франция озод бўлганидан сўнг ватанига қайтиб, Парижда ҳуқуқ факультетини тугатди ва давлат хизматида фаолият кўрсата бошлади. 

Руссле турли минтақаларда субпрефект амалларда ишлаб, жойларда коррупция билан фаол кураш олиб борган ва "сотилмайдиган амалдор" деган номга сазовор бўлган. 1954 йилда ёш Руссле француз социалчилари назарига тушиб қолади ҳамда ўша пайтлар ИИВ бошлиғи Франсуа Миттеран аппаратига раҳбарлик қилиш таклифини олади. Ўшандан буён Руссле ва бўғуси президент Миттераннинг тақдири узвий боғланган, уларнинг ўзлари эса яқин дўст ва ҳамкасб бўлиб қолишди. Миттераннинг ўлимидан сўнг айнан Руссле унинг васиятини бажо келтирган. 

1959 йилда ҳокимият тепасига Шарль де Голль келганидан кейин Андре Руссле давлат хизматидан кетиб, Simca автомобиль компаниясига ишга киради. 1960 йилда у Simca'га қарашли G7 компанияси - пойтахтнинг энг биринчи таксопаркларидан бирини сотиб олади. G7 Руссле бошқаруви остида юқори даромадли корхонага айланади, у бугунги кунга қадар Париж транспорт бозоридаги етакчилардан бири ҳисобланади. 

1984 йилда Руссле телевизион эфирга нисбатан давлат монополиясини бузиб, Францияда биринчи Canal+ хусусий кабель телеканалини очади. 1981 йил республика бошқарувини қўлга киритган Франсуа Миттеран уни қўллаб-қувватлади. 

Либерал қарашлар ва материал узатишнинг янгича усули янги каналнинг муваффақиятини таъминлади. Canal+ ўз фаолиятини бошлагандан икки йил ўтиб, миллиондан ортиқ телетомошабинга эга бўлди ва шу тариқа у Франциядаги энг йирик медиахолдинглардан бирига айланди. 

Андре Руссле 10 йил шу соҳада ишлаб, 1994 йилда Canal+ раҳбарлигидан кетди. Шундан сўнг Руссле ОАВ соҳасидаги бошқа лойиҳалар билан шуғулланди, бироқ улар муваффақият қозонмади.

Кўпроқ янгиликлар