Хитой фирмаси "ирқий" мазмундаги рекламаси учун узр сўради

Жаҳон 30 Май 2016 3828

Хитой реклама фирмаси "ирқчилик" мазмунига эгаликда гумон қилинган реклама ролиги учун узр сўрашга мажбур бўлди. 

Гап шундаки, янги кир ювиш порошоги имкониятини муболағали намойиш этган реклама ролигида оқтанли хитойлик аёл бўёқларга бурканган қоратанли эркакни кир ювиш машинасига жойлайди. Бирмунча вақтдан сўнг, кир машинаси тўхтагач, унинг ичидан тоза, оқтанли хитойлик йигит чиқиб келади. 

Реклама ролиги ва унинг ғоясини ишлаб чиққан Qiaobi фирмаси ушбу маҳсулоти борасида кечирим сўраши баробарида, халқаро медиа роликни ҳаддан ташқари бўрттириб юборганини қайд этган. 

"Биз, реклама ролиги намойиши африкаликлар шаънига зарар етказгани ҳамда жамоат фикри ҳаддан ташқари бўрттирилгани туфайли, узр сўраймиз ва интернет фойдаланувчилари ва бошқа медиа вакиллари уни қайта таҳлил қилмаслигига умид қиламиз", дейилади фирма баёнотида. 

"Биз, ирқий камситишларни кескин қоралаймиз ва унга қаршимиз".

Шунингдек, компания реклама ролигини интернет тармоғидан олиб ташлаганини билдириб, бошқа интернет фойдаланувчилари ва медиа вакилларидан уни қайта намойиш этмасликни сўраган.

Кўпроқ янгиликлар