Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 20 майдаги қарори билан, Тошкент ҳайвонот боғини 2016-2020 йилларда ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Ҳужжат матни Lex.uz сайтида эълон қилинган. 

Унга кўра, ҳайвонлар учун табиий яшаш шароитига имкон қадар ўхшатилган қулайлик яратиш кўзда тутилган. Хусусан, ҳайвонларни сақлаш вольерларининг ташқи кўринишлари жаҳоннинг етакчи музейлари намунасига биноан кескин ўзгартирилади. Янгилари барпо этилади. 

Бундан ташқари, юқори технологияли янги «Акванариум» ҳам қурилади. Унда денгиз жониворлари ва балиқлар сақланади. 

Қонунда, замонавий фауна тадқиқотларини ривожлантириш учун илмий мажмуа барпо этиш, зоология лабораторияси ва зооинженерия, шунингдек, янги тиббий ускуналар харид қилиш билан ветеринар клиника техник базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. 

Шу билан бирга, боғ меҳмонлари учун, қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида аудио-гид хизмати йўлга қўйилади, замонавий аттракционлар келтириш билан янги болалар кўнгилочар майдончалари, кафе ва Wi-Fi ҳудудлари барпо этилади. Боғ бўйлаб сайрни ташкил этиш мақсадида иккита электромобиль харид қилинади. 

Қарорда, Тошкент ҳайвонот боғининг Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида шохобчаларини очиш, Термиз ҳайвонот боғини реконструкция қилиш ҳам белгиланган.

Тошкент ҳайвонот боғи 1924 йили ташкил этилган бўлиб, 1994 йили ботаника боғи ёнида янги ҳайвонот боғи қурилиши бошланган, 1997 йили фойдаланишга топширилган эди. 

Бугунги кунда, пойтахт ҳайвонот боғи ҳудуди 21,5 гектарни ташкил этади. Унда, 7000дан ортиқ экзотик, ноёб ва йўқолиб бораётган жониворлар, паррандалар ва денгиз жониворлари турлари мавжуд.