Халқаро олимлар жамоаси, Мадагаскар оролида биринчилардан бўлиб, жануби-шарқий Осиёдан келганлар истиқомат қилганини исботловчи археологик топилмаларни қўлга киритишди. Ушбу тадқиқотга бағишланган ҳисобот Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилди, деб хабар қилмоқда EurekAlert нашри. 

Мадагаскар ороли, Африка қитъасидан 480 км узоқликда жойлашган. Шунга қарамай, туб-жой аҳоли австронезия тиллари оиласига мансуб малагасий тилида мулоқот қилади. Австронезия тиллари эса, Мадагаскардан минглаб километр узоқликдаги жануби-шарқий Осиё ва Океанияда кенг тарқалган. 

Олимлар Мадагаскар ва Комор оролларининг 18та қадимги ёдгорлигидан олинган 2443 та ўсимлик қолдиқларини таҳлил қилишган. Намуналар эрамизнинг VIII-X асрларига оид. Бу ўсимликлар Африка қитъасининг Мадагаскарга яқин ҳудудларида ўсадиган ўсимликлардан тубдан фарқ қилади. 

Археологларнинг тахмин қилишларича, Мадагаскар ва Комор оролларини эгаллаганлар, ўзлари билан жануби-шарқий Осиёга оид қишлоқ хўжалиги ўсимликларини келтирган.