Бразилия аксилкоррупцион бошқармаси бошлиғи Фабиано Силвейра Petrobras давлат нефть компаниясидаги коррупцион жиноятларнинг тергови билан боғлиқ можаро сабабли истеъфога кетишга қарор қилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Амалдорнинг истеъфога кетиши ҳақидаги аризаси мамлакат президенти лавозимини вақтинчалик бажараётган Мишел Темер маъмуриятига келиб тушди.

Аввалроқ Бразилия аксилкоррупцион бошқармасининг юзлаб ходимлари ўз бошлиқларининг истеъфога кетишини талаб қилаётганлари маълум қилинганди. Раҳбар лавозимларда ишловчи 250 ходим Силвейра ўз лавозимини тарк этмагунча ўз мажбуриятларини бажаришни рад этган.

12 май куни Бразилия сенати йиғилишда мамлакат президенти Дилма Руссефни вақтинчалик ўз лавозимидан четлатишга қарор қилган. Руссеф Petrobras’даги коррупцион жиноятларнинг терговига қаршилик кўрсатишда гумон қилинмоқда. Силвейранинг номи ҳам ушбу тергов билан боғланмоқда.