Рио-де-Жанейро шаҳри ҳукумати Олимпия ва Паралимпия ўйинлари учун 500 мингдан зиёд чипта сотиб олади. Шаҳар мэрияси вакили Педру Паулунинг айтишича, бу чипталар давлат хизматчилари, аълочи ўқувчилар ва имконияти чекланган кишиларга тарқатилади.

Унинг айтишича, ушбу ташаббуснинг вазифаларидан бири Паралимпиадага чипталарни сотиш муаммосини ечиш билан боғлиқ. Чипталарга ҳозирча талаб катта эмас: айни пайтгача мухлислар чипталарнинг атиги учдан бир қисмини харид қилган, Олимпиада ўйинларига чипталарнинг эса 60 фоизи аллақачон сотилиб кетган.

Чипталарнинг барчаси аввалроқ мэрия томонидан белгилаб қўйилган мезонларга мувофиқ тақсимланади. Масалан, давлат умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўтган ярим йил ичида фақат яхши баҳоларга ўқиган бўлсагина, Олимпиадани ўз кўзлари билан кўриш имкониятига эга бўлади.

XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари Рио-де-Жанейрода 2016 йилнинг 5-21 август кунлари бўлиб ўтади. Паралимпиада эса 7-18 сентябрь кунларида ўтказилади.