Филиппин президенти этиб сайланган Родриго Дутерте давлат раҳбарига тегишли Ang Pangulo яхтасини сотмоқчи эканлигини эълон қилди, деб хабар бермоқда 31 майда Yacht Harbour.

Дутертенинг айтишича, яхта сотилишидан олинган пул тиббий ходимларнинг маошини ошириш ва мамлакат қуролли кучлари фахрийларига пенсияларни беришга сарфланади. Яхтанинг дастлабки нархи ошкор қилинмаган.

Ang Pangulo яхтаси 1958 йилда Японияда қурилган ва Филиппин ҳукумати томонидан Иккинчи жаҳон урушидаги репарация ҳисобига олинган. Кеманинг номи филиппин тилида "Президент" деганини билдиради. Узунлиги 77 метр ва сув сиғимдорлиги 2,2 минг тонна бўлган яхта 18 узел тезлик билан юра олади. Яхта 44 нафар йўловчини сиғдира олади. Яхтага 81 киши хизмат кўрсатади. Яхта вертолёт учун қўниш майдончасига эга.

Турли вақтларда яхтада раққослар Рудольф Нуреев ва Марго Фонтейн, пианочи Ван Клиберн ва киноактриса Брук Шилдс меҳмон бўлганлар. 1986 йилда яхта ўша пайтдаги Филиппин президенти Корасон Акино томонидан 5,5 млн долларга сотувга қўйилган, бироқ яхтага харидор топилмаган.

71 ёшли Родриго Дутерте Филиппинда 2016 йил 9 майда бўлиб ўтган сайловлар натижаларига кўра мамлакатнинг янги президенти этиб сайланди. У 30 июндан ўз лавозимини эгаллайди.