Испанияда солиқларни тўлашдан қочишда айбланаётган «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси ва унинг отаси Хорхе Месси устидан суд жараёни бошланди.

Ҳукумат Лионель ва унинг отаси Хорхе Орасьо Мессини футболчининг 2007 йилдан 2009 йилгача бўлган даврдаги реклама даромадларидан солиқ тўламаслик учун Белиз ва Уругвайда бир қатор сохта компаниялар яратишда айбламоқда.

Месси футболчилик фаолиятидан оладиган даромаддан ташқари, Banco Sabadell, Danone, Adidas, Pepsico, Procter & Gamble ва Kuwait Food Company компанияларининг маҳсулотини реклама қилгани учун фойда олади. Футболчи даромадларини яшириш орқали Испания хазинасига 4 млн евро миқдорида зарар келтиргани иддао қилинмоқда.

Прокурор аргентиналик футболчига жарима қўллаш ва уни 22 ой муддатга қамашни талаб қилган. Суд эшитуви 3 кун давом этади.