Латвия ҳукумати 1 сентябрда, янги туғилган чақалоқларга фақат миллий исмлар қўйишни тавсия этувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқа бошлайди.  
Ҳужжат, шахсий исм-шариф ва миллатга оид маълумотларни ўзгартиришга доир қонун ҳужжатига тузатиш ҳисобланади. 

Унга кўра, агар исм латиш тили қоидаларига мос келмаса ёки шахсга жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлишида қийинчилик туғдирса, қайд этилмаслиги мумкин. 

Бугунги кунда, Латвияда барча ундош билан туговчи эркак исмлари сўнггига «-с» («-s») ҳарфи қўшилади: хусусан Мирон исми Миронс, Руслан — Русланс сифатида ёзилади, деб хабар қилмоқда РИА Новости. 

Эндиликда эса, латиш тили грамматикасига мос келмайдиган исмларни умуман тақиқлаш таклиф этилмоқда. 

Мамлакат адлия вазирлигига кўра, бундай чоралар «мамлакатдаги демократик тузум»ни ҳимоя қилиш ва «Латвиянинг бошқа фуқароларига ўз она тилларида бемалол гаплашиш» имкониятини беради.

Аммо, айрим экспертлар фикрича, янги қонун лойиҳаси Халқаро фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар пактини бузади. 

Бундан ташқари, 2010 йили БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси, Латвияни латишча бўлмаган исм-шарифларни паспортда бузаётганлиги учун танқид қилган эди.