Россия расмий Анқарадан Ироқдаги "ҳаддан ошиш"га чек қўйишни талаб қилишда давом этади, деб баёнот берди РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

У "Комсомольская правда" газетаси ўқувчилари берган саволларга жавоб бериб, шундай фикрни билдирган.

Лавровнинг фикрича, ғарб Туркиянинг минтақадаги ҳаракатларига кўпроқ эътибор қаратиши лозим. Россия эса, Туркиядан Ироқдаги қўшинларини олиб чиқишни талаб қилишда давом этади. 

Лавровнинг айтишича, Ғарб Туркияни ўз иттифоқчиси деб билгани боис, унга юмшоқ муомалада бўлмоқда. Россия ташқи ишлар вазири, ўз фикрининг исботи сифатида, Туркия ҳарбий кучлари самолётининг Греция ҳаво кенгликларини бузган ҳодисани ёдга олди. Ўшанда расмий Москванинг бир неча бор қатъий баёнотларига қарамай, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг: "улар нима бўлганда ҳам НАТО аъзоси, шу боис ўзимиз ҳал қиламиз", деб айтган эди. 

"У ҳолда НАТО аъзоси бўлмаган ва Туркия томонидан ҳаво ҳудуди доимий равишда бузиладиган Кипр масаласида нима дейиш мумкин?" - дея савол билан мурожаат қилган Лавров. 

Сергей Лавровга кўра, Туркия Ироқда ўзининг "янги усмонлилар интилишини" намоён этмоқда.