"Барселона"нинг аргентиналик ҳужумчиси Лионель Месси умумий миқдорда 3,2 млн фунт стерлинглик (4,7 млн доллар) солиқни тўламагани учун Барселона суди олдида жавоб беради, деб хабар бермоқда Sky телеканалига иқтибос келтирган ҳолда Rambler news service.

Суд жараёни бугун, 31 май куни бошланади.

Лионель ва унинг отаси Хорхе Орасьо Месси футболчининг 2007 йилдан 2009 йилгача бўлган даврдаги реклама даромадларидан солиқ тўламаслик учун Белиз ва Уругвайда бир қатор сохта компаниялар яратишда айбланмоқда.

Месси футболчилик фаолиятидан оладиган даромаддан ташқари, Banco Sabadell, Danone, Adidas, Pepsico, Procter & Gamble ва Kuwait Food Company компанияларининг маҳсулотини реклама қилгани учун фойда олади.

Аввалроқ Рио-де-Жанейро суди "Барселона"нинг бразилиялик ўйинчиси Неймарни солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбдор деб топиб, унга 46 млн доллар тўлаш мажбуриятини қўйганди.